Телеграм ижтимоий тармоғидаги https://t.me/XORAZMLIKLAR канали орқали “Қўшкўпир туманидаги Тендерда қонун бузилишига йўл қўйилди, Монополя эса вазиятга кўз юмди-ми?” мавзусида чиқарилган мақола юзасидан расмий муносабат
Ҳудудий бошқарма томонидан, “ABU BAKR STROY” МЧЖ вакили Б.Қурязовнинг Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси томонидан Қўшкўпир тумани, Кенагас қишлоғида жойлашган 16-сон оилавий поликлиника биносини жорий таъмирлаш учун https://etender.uzex.uz/ махсус ахборот портали орқали 109824-сонли лот рақами билан жойлаштирилган эълонга мувофиқ ўтказилган энг яхши таклифларни танлаш (танлов) бўйича ўтказилган савдолар натижаларидан норози бўлиб қилган мурожаатига асосан ўрганиш ишлари ўтказилган.
Ўтказилган ўрганишлар жараёнида, Қўшкўпир тумани, Кенагас қишлоғида жойлашган 16-сон оилавий поликлиника биносини жорий таъмирлаш учун бошланғич нархи 690 696 957,0 сўм бўлган 109824-сонли лот рақами билан эълон қилинган электрон танлов техник қисмнинг миқдорий кўрсаткичи 90 балл ва нарх усулининг миқдорий кўрсаткичи эса 10 балл қилиб белгиланганлиги, шунингдек, техник қисм бўйича камида 50 балл тўплаган иштирокчилар кейинги босқичга ўтказилиши белгиланганлиги кузатилган.
Мазкур эълонга мувофиқ танлов савдосида иштирок этиш учун 6 та талабгорлар томонидан таклиф ҳужжатлари тақдим қилинган ва 2022-йил 30-июн куни ўтказилган электрон танловда “YASHKA USTA” ХК ғолиб деб топилган.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 85-моддаси 1-қисмига мувофиқ энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказиш тўғрисидаги талаб 2022-йил 1-январдан эътиборан амалга киритилиши белгиланган.
Шунга кўра, бугунги кунда танлов (тендер) савдолари etender.uzex.uz махсус ахборот портали орқали талабгорлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида ўтказилмоқда.
Яъни, буюртмачилар томонидан техник қисм бўйича белгиланган талаблар бўйича талабгорлар томонидан ҳужжатлар электрон тарзда тақдим қилиниб, тақдим қилинган ҳужжатлар Харид комиссияси томонидан баҳоланиб келмоқда.
Бунда нарх усулининг миқдорий кўрсаткичи талабгорлар томонидан нарх бўйича берилган таклифлардан келиб чиқиб, махсус ахборот портал орқали баҳоланмоқда ва махсус ахборот портал орқали инсон омили аралашувисиз Харид комиссияси томонидан техник қисм бўйича баҳоланган балларга, нарх қисми бўйича баллар билан умумлаштирилиб, якуний баҳолар (баллар) энг яхши таклифларни танлаш бўйича йиғилиш баёнида қайд қилиб келинмоқда.
Ушбу ҳолатда инсон омили аралашуви фақат талабгорларни техник қисм бўйича баҳолаш жараёни мавжудлиги сабабли, ўтказилаётган танлов (тендер) савдоларида буюртмачи томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари ҳамда ушбу мезонлар бўйича талабгорлар томонидан тақдим қилинган таклиф ҳужжатларини баҳолаш жараёнидан қонун ҳужжатларига риоя қилинганлиги юзасидан ваколат доирасида ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.
Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси томонидан Қўшкўпир тумани, Кенагас қишлоғида жойлашган 16-сон оилавий поликлиника биносини жорий таъмирлаш бўйича ўтказилган электрон танлов савдосида ҳам иштирок қилиш учун таклиф ҳужжатларини тақдим қилган талабгорларнинг таклиф ҳужжатларини техник қисм бўйича баҳолаш жараёнида Харид комиссияси томонидан айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги кузатилган.
Жумладан, ўтказилган танловда Харид комиссияси томонидан иштирокчиларнинг таклиф ҳужжатлари техник қисм бўйича 6 та мезонлар асосида баҳоланган бўлса, шундан қуйидаги мезонлар бўйича баҳолаш жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилган.
Биринчи мезон бўйича буюртмачи томонидан бошланғич нархнинг 20 фоизигача бўлган миқдорда айланма маблағларнинг мавжудлиги ҳамда қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги банк томонидан тасдиқланган маълумотнома сўралган бўлиб, ушбу мезонга мувофиқ иштирокчилар энг кўпи билан 20 балл билан баҳоланиши белгиланган.
Ўрганиш давомида барча талабгорлар томонидан тижорат банки томонидан обект бошланғич нархининг 20 фоизигача бўлган миқдорда айланма маблағлари мавжудлиги ва қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тасдиқланган ҳолда тақдим қилинган маълумотномалар махсус ахборот портал орқали жойлаштирилган бўлсада, фақат танлов ғолиби деб топилган талабгор 20 балл билан баҳоланганлиги ва қолган талабгорлар 2 баллдан 15 баллгача баҳоланганлиги кузатилди.
Учинчи мезон бўйича буюртмачи томонидан охирги 3 йил давомида бажарилган ишлар ва бажарилган ишларни қабул қилиш-топшириш юзасидан Давлат қабул комиссиясининг маълумоти билан биргаликда олдинги даврларда бажарилган ишларни ўз вақтида бажарилганлигини асословчи ҳужжатларни тақдим қилиш талаб қилинган ва ушбу мезонга мувофиқ иштирокчилар энг кўпи билан 20 балл билан баҳоланиши белгиланган.
Ўрганиш давомида юқоридаги мазонга мувофиқ тегишли ҳужжатларни тақдим қилган талабгорлар “ABU BAKR STROY” МЧЖ 10 балл билан, “KENAGAS QURILISH MONTAJ” ХИТҚК 15 балл билан, “ENTER BETON INJINIRING” МЧЖ 10 балл билан баҳоланганлиги, шунингдек, 2019 ва 2021-йилларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим қилган “BAXTIYAR AMIRBEK” МЧЖ 7 балл билан ва 2020-2021-йилларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим қилган “YASHKA USTA” ХК эса, 20 балл билан баҳоланганлиги кузатилди.
Яъни, “YASHKA USTA” ХК томонидан охирги 2 йил давомида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим қилинган бўлсада, энг юқори балл билан баҳоланганлиги кузатилди.
Тўртинчи мезон бўйича буюртмачи томонидан талабгорлар томонидан охирги 3 йил давомидаги баланс ва молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботлар Давлат солиқ инспектсияси томонидан тасдиқланган ҳолда тақдим қилиниши кераклиги сўралган бўлиб, ушбу мезонга мувофиқ иштирокчилар энг кўпи билан 20 балл билан баҳоланиши белгиланган.
Ўрганиш давомида юқоридаги мазонга мувофиқ 3 йил давомидаги баланс ва молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботлар Давлат солиқ инспектсияси томонидан қабул қилинганлигини тасдиқловчи тасдиқномалар тақдим қилинган бўлсада, “KENAGAS QURILISH MONTAJ” ХИТҚК ва “ENTER BETON INJINIRING” МЧЖлар 15 балл билан баҳоланганлиги кузатилди.
Худди шунингдек, ҳужжатларни тақдим қилган “QO‘SHKO‘PIR TA’MIR QURILISHI” ХИТҚК ва “YASHKA USTA” ХКлар 20 балл билан баҳоланган.
Бешинчи мезон бўйича буюртмачи томонидан пудратчи ташкилотнинг устави, тадбиркорлик субекти сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим қилиниши сўралган бўлиб, пудратчи ташкилотнинг асосий фаолияти қурилиш соҳаси бўлиши, камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши кераклиги кўрсатилган ва ушбу мезонга мувофиқ иштирокчилар энг кўпи билан 20 балл билан баҳоланиши белгиланган.
Ўрганиш давомида барча талабгорлар томонидан корхонанинг устави, тадбиркорлик субекти сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим қилинган бўлсада, шунингдек, барча талабгорлар 3 йиллик иш тажрибасига эга ва асосий фаолият тури қурилиш соҳасида бўлсада “BAXTIYAR AMIRBEK” МЧЖ 13 балл, “ABU BAKR STROY” МЧЖ 14 балл, “KENAGAS QURILISH MONTAJ” ХИТҚК 15 балл, “ENTER BETON INJINIRING” МЧЖлар 15 балл билан баҳоланганлиги кузатилди.
Худди шунингдек, ҳужжатларни тақдим қилган “QO‘SHKO‘PIR TA’MIR QURILISHI” ХИТҚК ва “YASHKA USTA” ХКлар 20 балл билан баҳоланган.
Ўрганиш натижасида юқорида қайд қилинган хато ва камчиликлар электрон танлов савдолари натижаларига таъсир кўрсатганлиги яъни, Харид комиссияси томонидан талабгорлар томонидан тақдим қилинган таклиф ҳужжатлари баҳолаш жараёнида юқоридаги хато ва камчиликларсиз баҳоланган тақдирда ғолиб деб топилган талабгорлар номи ўзгариши мумкинлиги кузатилган.
Шу билан биргаликда буюртмачи томонидан баҳолаш мезонлари бўйича тартиб-таомиллар ишлаб чиқилмаганлиги, яъни, қайси ҳолатда иштирокчилар юқори ва қайси ҳолатларда паст баллар билан баҳоланиши кўрсатилмаганлиги кузатилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг
5-моддасига мувофиқ, давлат харидларининг асосий принциплари касбий маҳорат ва масъулиятлилик, асосланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги, коррупсияга йўл қўймасликдан иборат.
Шунингдек, Қонуннинг 32-моддаси 2-қисмида “Давлат буюртмачиси томонидан белгиланадиган давлат хариди шартларида иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари, уларнинг нисбий қиймати, баҳолаш тартиб-таомиллари доирасида баҳолаш мезонларини қўллаш тартиби бўлиши керак” ва 3-қисмида “Иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлашда давлат буюртмачиси фақат харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган баҳолаш мезонлари ва тартиб-таомилларидан фойдаланади ҳамда бу мезонлар ва тартиб-таомилларни ушбу ҳужжатларда баён этилган тартибда қўллайди” – деб белгиланган.
Бундан ташқари ўрганиш давомида буюртмачи ташкилот томонидан тасдиқланган техник топшириқнинг 7-бандида ишчи ходимларнинг минимал миқдори 15 нафар бўлиши кераклиги, охирги 2 йил давомида соғлиқни сақлаш тизимидаги обектларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширганлиги тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатлар ҳамда танлов ўтказиладиган кунда ҳисоб рақамида умумий қурилиш-таъмирлаш ишларининг 20 фоизи миқдорида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги банк маълумотномаси тақдим қилиниши кераклиги сўралганлиги кузатилди.
Яъни, буюртмачи ташкилот томонидан тасдиқланган техник топшириқнинг
7-бандида кўрсатилган юқоридаги талаблар иштирокчиларни баҳолаш мезонлари бўйича талаблардан фарқ қилади.
Жумладан, учинчи мезон бўйича буюртмачи томонидан охирги 3 йил давомида бажарилган ишлар ва бажарилган ишларни қабул қилиш-топшириш юзасидан Давлат қабул комиссиясининг маълумоти билан биргаликда олдинги даврларда бажарилган ишларни ўз вақтида бажарилганлигини асословчи ҳужжатларни тақдим қилиш талаб қилинган, олтинчи мезон бўйича камида 20 нафар малакали ишчиларнинг мавжудлиги сўралган ва баҳолаш мезонларида умумий қурилиш-таъмирлаш ишларининг 20 фоизи миқдорида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги банк маълумотномаси тақдим қилиниши кераклиги кўрсатилмаган.
Ўрганиш давомида умумий қурилиш-таъмирлаш ишларининг 20 фоизи миқдорида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги банк маълумотномаси фақат “YASHKA USTA” ХК томонидан тақдим қилинганлиги кузатилди.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг
61-моддасида “Эълонда танлаш ўтказиладиган вақт сифатида кўрсатилган вақтда танлаш комиссияси танлаш иштирокчилари томонидан берилган таклифлар солинган конвертларни таклифларни баҳолаш учун очади. Келиб тушган таклифлар харид комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Танлаш бўйича харид қилиш ҳужжатлари талабларига мос келмайдиган таклифлар харид комиссияси томонидан рад этилади ва баҳоланмайди. Танлашни ўтказишда иштирокчиларнинг бошланғич нархдан юқори бўлган нарх бўйича таклифлари харид комиссияси томонидан рад этилади ва баҳоланмайди.
Агар харид комиссияси томонидан иштирокчилардан танлаш бўйича харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган талабларга жавоб берадиган камида иккита таклиф олинган бўлса, танлаш ўтказилган деб ҳисобланади.
Иштирокчиларнинг барча таклифлари танлаш бўйича харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган мезонлар асосида баҳоланади ва танлаш ўтказиш баённомасида қайд этилади” – деб белгиланган.
Юқоридаги ҳолатларда Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси 1-қисм 2-хатбоши (савдолар ўтказишнинг қонунчиликда белгиланган тартибини бузиш тақиқланади) ва 6-хатбоши (савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш тақиқланади) талабларига риоя қилинмаган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005-йил 12-октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан иш қўзғатилган.
Махсус комиссия томонидан ишни кўриб чиқиш давомида Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси ишончли вакили томонидан танлов ғолиби деб топилган талабгор билан шартнома тузилиб рўйхатдан ўтказилганлиги, ғолиб деб топилган талабгор томонидан обектда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги ҳамда демонтаж ишлари тўлиқ якунланиб, обект ички қисмида таъмирлаш ишлари давом қилаётганлиги билдирилганлиги инобатга олинган.
Яъни, буюртмачи ва танлов ғолиби деб топилган талабгор ўртасида иқтисодий муносабатларга киришилганлиги, танлов ғолиби деб топилган талабгор томонидан шартномага асосан смета ҳужжатларида белгиланган ишларни амалга ошириш учун маблағлар сарфланганлиги ҳамда ишчи кучидан фойдаланилганлиги инобатга олиниб, Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмасига қононбузилиш ҳолатини келгусида қайта такрорламаслик тўғрисида кўрсатма берилган шунингдек, танлов савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузганлик учун Қўшкўпир туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсига нисбатан маъмурий чоралар кўрилиши учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Шу ўринда, шуни маълум қиламизки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан давлат харидларини амалга оширилиши жараёнида давлат буюртмачилари томонидан рақобатни чекланишига йўл қўйилаётганлиги ва рақобат муҳитига таъсир кўрсатилаётган бошқа ҳолатлар бўйича тадбиркорлик субектлари томонидан қилинган мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги харидларни амалга оширилиши жараёнидаги манфаатлар тўқнашуви, танлов (тендер) савдоларини ўтказишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар мавзусидаги танқидий чиқишлар ва мурожаатлар юзасидан мунтазам равишда ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.
Шу билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жалб қилинган ўрганишлар ва назорат тадбирларида давлат буюртмачилари ҳамда стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан ўтказилган танлов (тендер) савдоларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилинганлиги ўрганилиб, аниқланган ҳолатлар бўйича маълумотлар тегишли органларга тақдим қилиб келинмоқда.