Ҳудудий бошқарманинг ишонч телефони орқали Хазорасп туманида истиқомат қилувчи фуқаро жорий йилнинг 18 май куни автосалондан “LASETTI” русумли автомобиль харид қилиш учун тўловларни амалга оширганлиги, харид қилинадиган автомобиль учун 7 кун ичида тўловларни амалга оширганлиги учун шартномага асосан имтиёз сифатида қайтарилиши лозим бўлган маблағлар автосалон томонидан қайтарилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўтказилган ўрганиш натижасида фуқаро автомобиль учун тўловни шартнома тузилган куннинг ўзида 100 фоиз амалга оширганлиги ва орадан 7 ой муддат ўтгач, орзиқиб кутган автомобили етиб келганлиги маълум бўлди.
Лекин шартномада кўрсатилган махсус чегирмага асосан автосалон томонидан фуқарога қайтарилиши лозим бўлган 10 200 000 сўм миқдоридаги маблағ ҳар хил важлар кўрсатилиб қайтарилмасдан келган.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасида ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари кўрсатилган.
Ҳудудий бошқарма масъул ходимлари томонидан автосалон вакилларига қонун талаблари юзасидан ўтказилган тушунтиришлар натижасида автосалон томонидан истеъмолчига 10 200 000 сўм пул маблағи қайтариб берилди.