Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига “Call center” орқали Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи фуқаронинг жорий йилнинг 8 май куни автосалондан “COBALT” русумли автомобиль харид қилиш учун тўловларни амалга оширганлиги ва харид қилинадиган автомобиль учун 7 (етти) қалендар кун ичида тўловларни амалга оширганлиги учун шартномага асосан имтиёз сифатида қайтарилиши лозим бўлган маблағлар автосалон томонидан қайтарилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўтказилган ўрганиш натижасида фуқаро автомобиль учун тўловни шартнома тузилган куннинг ўзида 100 фоиз амалга оширганлиги ва орадан 4 ой муддат ўтгач, орзиқиб кутган автомобили етиб келганлиги маълум бўлди.
Лекин шартномада кўрсатилган махсус чегирмага асосан автосалон томонидан фуқарога қайтарилиши лозим бўлган 5 100 000 сўм миқдоридаги маблағ ҳар хил важлар кўрсатилиб қайтарилмасдан келган.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасида ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари кўрсатилган.
Ҳудудий бошқарма масъул ходимлари томонидан автосалон вакилларига қонун талаблари юзасидан ўтказилган тушунтиришлар натижасида автосалон томонидан истеъмолчига 5 100 000 сўм пул маблағи қайтариб берилди.
Хурматли Истеъмолчи, Сизда юқоридаги ҳолатлар юзасидан истеъмолчи сифатида ҳуқуқ ва манфаатларингиз бузилса, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигининг 1159 қисқа рақами ёки ҳудудий бошқарманинг (0 362) 223-17-34 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.