Биламизки, хонадонларимизга ичимлик суви етказиб берилганидан сўнг, уни ўз эҳтиёжимизга сарфлаймиз ва бунинг учун амалда белгиланган тариф асосида пул тўлаймиз. Агарда Сиз сарфланмаган ичимлик суви учун пул тўлашингизга тўғри келиб қолсачи?
Худди шундай муаммо Ҳазорасп туманида яшовчи Фуқаро Комилжон Рўзметовга дуч келди. Ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан унга ичимлик сувидан 1 300,0 минг сўм қарздорлик ҳисобланганлиги билдирилди. Шунда у ичимлик суви учун доимо ҳисоб-китоб қилиб келаётган бўлсада, қарздорлик қаердан келганлигини тушунмай ҳайрон қолди. Корхона вакилларининг унга тўғри тушунтириш бермаганлиги ва қарздорликни қоплаш лозимлиги тўғрисидаги талаблари, фуқарони ичимлик суви корхонаси фаолиятидан норози бўлишига ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига “Сall center” орқали мурожаат қилишига сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари мазкур мурожаатдаги ҳолатни амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўрганиб чиқди.
Ўтказилган ўрганиш жараёнида мурожаатда қайд қилинган ҳолатлар ўз тасдиғини топди, яъни мурожаатгўй хонадонига “Хоразм сув таъминот” МЧЖ томонидан ичимлик сувидан 1 289 366 сўм маблағ ортиқча юклатилганлиги маълум бўлди.
Ҳудудий бошқарма аралашуви натижасида, фуқаронинг хонадонига асоссиз юклатилган1 289 366 сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.