Ҳозирги даврда хўжалик юритувчи субъектлар орасида ўзганинг товар белгисидан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқариш ҳолатлари учрамоқда, бунга хўжалик юритувчи субъект ҳақлими? Бу ҳолат юзасидан қонунчиликда нималар белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш кўмитасининг асосий вазифаларидан бири тадбиркорлик субъектларини инсофсиз рақобатчилардан химоя қилиш ҳисобланади.
Шундай муаммога дуч келган “Xonqa Billur Salt” хусусий корхонасининг мурожаати ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, “Shovat White Salt” хусусий корхонаси томонидан “Xonqa Billur Salt” хусусий корхонасига тегишли бўлган “Saodat” товар белгисига ўхшаш бўлган “Sadaf” белгиси остида ош тузи маҳсулотини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ушбу соҳада ваколатли орган ҳисобланган Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “Xonqa Billur Salt” хусусий корхонасига “Saodat” товар белгисига мутлоқ ҳуқуқ расмийлаштирилган.
Ушбу масала юзасидан Интеллектуал мулк агентлигидан олинган хулосага кўра, “Shovat White Salt” хусусий корхонасининг “Sadaf” белгиси “Saodat” товар белгиси билан график жиҳатдан визуал таасуротлар асосида истеъмолчиларнинг адаштириб юбориш даражасида яқинлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунининг 26-моддаси (Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ) 3-қисмига асосан, Товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилиши белгиланган.
Юқоридаги ҳолатда “Shovat White Salt” хусусий корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси 1-қисми
3-хатбоши ҳамда “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддаси 3-қисми талабларига риоя қилинмаган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, “Shovat White Salt” хусусий корхонасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан ҳудудий бошқарма махсус комиссия томонидан иш кўриб чиқилди.
“Shovat White Salt” хусусий корхонасига ўзига рақобатчи бўлган бошқа юридик шахсларнинг товар белгисидан бундан кейинги фаолиятида фойдаланмаслик, корхона омборида мавжуд бўлган “Sadaf” белгисини муомаладан чиқариш ҳамда қонун хужжатларига мувофиқ қўриқланадиган интеллектуал мулкларидан, товар белгиларидан, рақобатчининг товар белгисига, фирма номига ўхшаш булган ёхуд адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан уни товарларда, этикеткаларда, ўровларда жойлаштириш йўли билан ёки сотилаётган ёхуд фуқаролик муомаласига ўзгача тарзда киритилаётган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқача тарзда фойдаланиш ҳолатларига йўл кўймаслик тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган муддатли Кўрсатма берилди ва кўрсатма ижроси таъминланди.