Ҳозирги даврда техника жуда ривожланиб бормоқда. Энг охирги русумдаги телевизорлар ҳар биримизнинг хонадонимизда бор, лекин шунча пулга телевизор сотиб оласиз-у кафолат муддати тугамасдан бузилиб қолса пуллар осмонга учиб кетаверадими? Бунинг устига бу дардингизни ҳеч ким эшитмаса унда истеъмолчи қаерга мурожаат қилади?
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигига “Call center” орқали, Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ушбу муаммо бўйича мурожаати келиб тушган.
Мазкур мурожаатда фуқаро ҳудудий бошқармадан амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Маълум бўлишча у яхши орзу ниятлар билан Урганч шаҳридаги дўкондан 3 700 000 сўм эвазига телевизор сотиб олган. Аммо, кафолат муддати тугамасидан телевизор ишламай қолган. Ушбу масала юзасидан дўкон ходимларига қилган мурожаатлари бўйича ҳеч қандай чоралар кўрилмаган.
Ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва қонуности ҳужжатлари талаблари бўйича тушунтириш берилди. Натижада фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб носоз телевизори янги телевизорга алмаштириб берилди.
Истеъмолчилар диққатига!
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида қуйидагилар белгиланган.
1. Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб:
- товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб беришни;
- товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилишни;
- товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплашни;
- харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни;
- шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
2. Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда алмаштириб бериши шарт.
Товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак.
Истеъмолчининг розилиги билан сотувчи нуқсонли товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб бериб, харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.
3. Нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилган вақтда товарнинг нархи ўзгарган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Нуқсонли товар бошқа маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан паст бўлса, истеъмолчи нархлардаги фарқни қўшимча равишда тўлаши лозим.
Алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан юқори бўлса, истеъмолчига нархлардаги фарқ қайтарилади.
Бундай ҳисоб-китоб чоғида алмаштирилиши керак бўлган товар нархи ошган тақдирда, унинг талаб қўйилган пайтдаги нархи, нархи пасайган тақдирда эса, харид қилинган пайтдаги нархи қўлланилади.